Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси кўмагида 2024 йил 1-12 сентябрь кунлари Ўзбекистон вакили Исроилнинг Ҳайфа шаҳрида МАШАВ маркази томонидан ташкил этилган «Стартапларнинг бошланғич босқичларини қўллаб-қувватлаш тизими» номли халқаро ўқув курсларида иштирок этди.
МАШАВ (Исроилнинг Халқаро тараққиёт агентлиги) - Исроилнинг халқаро ҳамкорлик соҳасидаги етакчи ташкилотларидан биридир. Агентликнинг асосий мақсади қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳаларида билимлар ва технологиялар алмашувини таъминлашдан иборат.
Сўнгги йилларда МАШАВ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Ўзбекистон ва Исроил турли таълим ва техник дастурлар доирасида ҳамкорлик қилиб, ўзбек мутахассислари илғор исроиллик тажрибаларни ўрганмоқдалар. МАШАВ томонидан ташкил этилган дастурлар ўзбек мутахассисларига иқтисодиётнинг турли соҳаларида, айниқса стартаплар ва технологик инновациялар соҳасида илғор ёндашувларни интеграция қилиш имконини яратади.
Курс стартапларни яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, иштирокчиларга дунёнинг энг муваффақиятли инновация моделларидан бири бўлган Исроил тажрибасини ўрганиш имкониятини тақдим этди. Дастур давомида иштирокчилар стартапларни қўллаб-қувватлашнинг акселераторлар, инкубаторлар, венчур жамғармалари ва давлат ташаббуслари каби асосий механизмларини муҳокама қилдилар.