Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришдаги муҳим шартлардан биридир.
Шу муносабат билан мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди.
Ўтган қисқа даврда судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда суд тизими мустақиллиги ҳамда институционал асосларини мустаҳкамлашга қаратилган қонунчилик базаси янада такомиллаштирилди. Ислоҳотларни изчил давом этишида 2023 йил 30 апрел куни ўтказилган референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция катта туртки ва ҳуқуқий асос сифатида муҳим аҳамият касб этди.
Суд тизимидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини баҳолашда халқаро рейтинг ва индекслар, шу жумладан, Жаҳон одил судлов лойиҳасининг Ҳуқуқ устуворлиги индекси (кейинги ўринларда – Индекс) алоҳида ўрин тутади. Мамлакатимизда бугунги кунда одил судлов соҳасида амалга оширилаётган тизимли ишлар ва ижобий ўзгаришлар ҳақида ахборотлардан халқаро ҳамжамиятни ўз вақтида хабардор қилиш зарурати юзага келмоқда.
Жаҳон одил судлов лойиҳасининг “Ҳуқуқ устуворлиги” индекси 2023 йилги ҳисоботига кўра Жиноий одил судлов жараёнида қонунга ва айбланувчиларнинг ҳуқуқларига риоя қилиниши субиндикаторида Ўзбекистон 0.39 балл билан 142 та давлат ичида 97-ўринни эгаллаган.
Бироқ, айбланувчиларнинг ҳуқуқларига риоя қилиниши масаласи конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилди. Шахсни ишда гумонланувчи сифатида ушлаш чоғида унга тушунарли тилда ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик (халқаро эътироф этилган “Миранда қоидаси”) ҳамда ҳар ким Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, ўзининг бузилган ҳуқуқларини тиклашда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этиш ҳуқуқи Конституция даражасида мустаҳкамланди.
Шунингдек, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражаси субиндикаторида Ўзбекистон 0.50 балл билан 142 та давлат ичида 96-ўринни эгаллаган. Мазкур йўналишда фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида 2017 йилга қадар фақат вилоят даражасида фаолият кўрсатган хўжалик судлари тугатилди ҳамда туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларига ўзгартирилди. Натижада фуқароларнинг ҳам вақти ҳам харажатлари тежалишига, узоқ ҳудудларда яшовчи аҳолининг, шу жумладан тадбиркорларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятлари оширилди.
Судлар мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсунишини таъминлашда судья лавозимида бўлишнинг илк маротаба беш йиллик, кейин ўн йиллик муддатини ва сўнг муддатсиз даврининг белгиланиши муҳим аҳамият касб этди. Чунки судья лавозимида бўлишнинг ушбу тартиби судьядан зиммасига юклатилган вазифани намунали ва виждонан бажаришни талаб этиши билан бир қаторда лавозимига кейинги муддатга қайта сайланиши ёки тайинланиши, ўз вазифаларини намунали адо этгач, кейинчалик ўн йилга ва ҳатто муддатсиз даврга сайланиши учун рағбатлантирувчи қоида сифатида ҳам хизмат қилмоқда.
Бироқ, шунга қарамай Ўзбекистон Индекснинг фуқаролик одил судловининг Ҳукуматнинг номувофиқ таъсиридан холилиги субиндикаторида 0.27 балл билан 126-ўрин ҳамда Жиноий одил судлов тизимининг Ҳукуматнинг номувофиқ таъсиридан холилиги субиндикаторида 0.22 балл билан 122- ўринда қайд этилганлиги амалга оширилган ислоҳотлардан янада кенгроқ хабардор қилиш зарурати мавжудлигини кўрсатади.
Ягона суд амалиётини йўлга қўйиш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди. Ушбу ислоҳот суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этишга ҳамда ягона суд амалиётини шакллантиришга олиб келди.
Вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда вилоят даражасидаги умумюрисдикция судлари ташкил этилди. Суд тизимида ягона умумюрисдикция судларининг ташкил этилганлиги суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилди.
Судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашувчи Судьялар олий кенгаши ташкил этилганидир.
Кенгаш таркибининг камида ярмини судьялар ҳисобидан шакллантириш, унинг таркибига фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассисларни киритиш тартиби белгиланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар унинг таркибидан чиқарилди.
Судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш механизми такомиллаштирилиб, суд раисларининг судьяларга нисбатан интизомий иш қўзғатишга оид ваколати тугатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 январдаги ПФ–6134-сон Фармонига мувофиқ, Судларни молиялаштириш тизими халқаро стандартларга мувофиқлаштирилиб, судья ва суд органлари ходимларининг иш ҳақлари ҳамда қўшимча тўловлари тўлиқлигича Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланди.
Судлар фаолияти ҳақида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилганлиги ва судлар чиқарган қарорлар Олий суд веб-сайтида мунтазам равишда эълон қилинаётгани алоҳида аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, Индекснинг низоларни муқобил ҳал қилиш механизмларининг мавжудлиги, холислиги ва самарадорлиги субиндикаторида Ўзбекистон 0.61 балл билан 98-ўринни эгаллаган.
Таъкидлаш лозимки, Жиноят процессида ярашув институти кенгайтирилиб, жиноят иши бўйича судларда – дастлабки эшитув, фуқаролик ва иқтисодий судларда – судгача мажлис, соддалаштирилган тартибда иш юритиш, медиация институтлари жорий қилинди.
Маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш мақсадида маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбурияти юклатилди.
2024 йил 1 январдан бошлаб туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида кўрилган ишларни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди.
Тафтиш инстанциясининг ўзига хослиги шундаки юқори инстанция судлари томонидан қуйи инстанция судларининг қарорини бекор қилган ҳолда янгидан кўриш учун яна қуйи судга юбориш тартиби бекор қилинди ҳамда ҳар бир суд инстанциясига иш бўйича якуний қарор қабул қилиш мажбурияти юклатилди.
2024 йил 1 февралдан тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларида оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда “Оила судьялари” ташкил этилди.
Судлар фаолиятига “Адолат” замонавий ахборот тизимларини жорий этиш орқали фуқаролар қуйидаги қулайликларга эришилиши таъминланди:
- фуқаро ва тадбиркорлар суд биносига ташриф буюрмасдан масофадан туриб низоларини судларда ҳал қилиш;
- манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда текшириш;
- суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш;
- фуқаролар судьянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган суд ҳужжатларини электрон шаклда олиши;
- турли низолар бўйича ариза намунасидан фойдаланиш ва шу низо бўйича илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар рўйхати билан танишиш;
- давлат божи миқдорини автоматик ҳисоблаш учун мўлжалланган электрон калькулятор ва банкка бормаган ҳолда тегишли тўловларни амалга ошириш;
- суд биносига келмасдан суд мажлисига тайинланган ишларнинг кўриб чиқиш санаси ва вақти ҳақида онлайн равишда танишиш;
- суд мажлисини ўтказиш вақти ва жойи ҳақидаги маълумотлардан хабардор бўлиб бориш.
Одил судлов соҳасини рақамлаштиришни янада кенгайтириш мақсадида судларнинг ахборот тизими билан давлат органлари ва ташкилотларининг 38 та ахборот тизимлари ўртасида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судларнинг ўзи томонидан бевосита давлат ташкилотларидан электрон шаклда олиш тартиби амалиётга жорий этилиб маълумотлар алмашинуви 100 фоиз рақамлаштирилди.
Амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, одил судлов ва ҳуқуқ устуворлигига эришиш ҳамда судлар фаолиятида очиқликни таъминлаш имконини бериб, судлар мустақиллигини таъминлашга хизмат қилмоқда.