Тель-Авив шаҳрида Исроилда ишлаб чиқилган об-ҳаво ва иқлим ўзгаришларини таҳлил қилиш ва прогнозлаштиришнинг ноёб услубини
Ўзбекистонда жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон дипломатлари Исроилнинг «Emnotion» компанияси бош директори Илья Шапиро билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мулоқот чоғида Исроил компанияси томонидан яратилган ноёб технологияларга асосланган об-ҳаво ва иқлим ўзгаришларини прогнозлаштириш платформасини Ўзбекистонда татбиқ этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Илья Шапиронинг таъкидлашича, компания прогнозлари 80% дан ортиқ аниқлиги ҳамда юқори даражадаги ўлчамлари билан ажралиб туради. Бу профилактика чора-тадбирларини ўз вақтида режалаштириш ва экстремал об-ҳаво ўзгаришлари сабабли келиб чиқадиган зарарни камайтириш имконини беради.
Учрашув якунида «Emnotion» компаниясининг прогнозлаштириш услуби синовларини Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари билан биргаликда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ўтказишга келишиб олинди.