Ўзбекистон элчиси Феруза Маҳмудова Холон технология институти (Исроил) президенти Эдуард Якубовга «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишонини тантанали тарзда топширди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мазкур кўкрак нишони Исроил институти президентига 2023 йилнинг 27-30 июль кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтган Халқлар дўстлиги ҳафталиги доирасида тақдим этилган.
Эслатиб ўтамиз, «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан берилади.
Холон технология институти (ХТИ) президенти сифатида Эдуард Якубов Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорликка катта ҳисса қўшмоқда.
ХТИ Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд, Бухоро ва Урганч давлат университетлари, Самарқанд ва Бухоро давлат тиббиёт институтлари ҳамда Маъмун академияси билан фаол мулоқот ва қўшма таълим дастурларини амалга оширмоқда.
2019 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ХТИ иштирокида «Амалий математика ва ахборот технологиялари» қўшма факультети очилган.
2023 йилда Ўзбекистондан 50 дан ортиқ талаба Холон технология институтида ўқишни тамомлади.