Кеча Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган тантанали маросим уюштирилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур маросимда Исроилнинг ҳукумат, парламент, ишбилармон, эксперт-таҳлил ва ижодий доиралари, шунингдек мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатия корпуси вакиллари ҳозир бўлдилар.
Исроил Давлат протоколи раҳбари Гил Хаскел ҳукумат номидан Ўзбекистон халқига самимий табрик ва энг эзгу тилакларини изҳор этди. У Исроил ва Ўзбекистон ўртасида турли йўналишлардаги ҳамкорликни янада жадаллаштириш учун кенг имконият ва салоҳият мавжудлигини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда икки давлат ўртасидаги самарали ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшаётган жабҳалардаги фаолиятга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, жорий йил Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев ва Исроил қишлоқ хўжалиги вазири Ави Дихтер томонидан ўзаро ташрифлар амалга оширилди, 1994 йил 4 июль куни тузилган “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Исроил Давлати Ҳукумати ўртасида ҳаво транспорти тўғрисидаги Битимга ўзгартиришлар киритиш ҳақида Баённома" яқинда имзоланди. Мазкур ҳужжатнинг ҳаётга тадбиқ этилиши Ўзбекистон ва Исроил ўртасида турли соҳалардаги ўзаро муносабатларнинг сифат жиҳатдан янада мустаҳкамланиши нуқтаи назаридан янги ва кенг имкониятларни яратди. Маълумки, жорий йил май-июль ойларидан эътиборан Самарқанд–Тель-Авив–Самарқанд йўналиши бўйича ҳаво қатнови “Qanot Sharq” авиакомпанияси томонидан амалга оширилмоқда.
Тантанали маросим доирасида ўзбекистонлик санъаткорлар томонидан тайёрланган жонли мусиқий дастур ҳам тадбир қатнашчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.