Энам... Қадриятларимизни қадрлагувчи, бошига кўтаргувчи энам.
Биз фарзандларининг онгига ўз айтимлари билан ана ўша бойликларни қадрлашни ўргатган энам. У сўзамол эди. Гапга гапни улай оладиган даражада серфикр эди. Гўдаклигимиздан у айтган ҳикоятлар, ривоятлар, эртаклар ва айтимлар орқали ҳар бир ватанини севган инсон билиши керак бўлган жуда кўп нарсаларни билиб улғайдик. Лекин энамнинг оҳанги саслари ҳеч маҳал ҳовлимиздан ташқарига чиққан эмас. Фозила бу аёл ўзи тўқиган оҳангларни тўйда ёки саҳнада айтмаган. Уларнинг тингловчиси, қадрловчиси, бошига кўтаргувчиси фақат биз болалари эдик. Гоҳо ҳовлимизнинг орқа томонидаги бедапояга шолча тушаб, бизга доира, чанқовуз чалиб берардилар. Доира чалишда энамнинг услубини бошқа ҳеч кимда учратмадим. Чанқовуз чалганда симини лабларида қимтиганча шундай нозик тортардики ундан таралган садодан юракларимиз ларзага келарди.
Наврўзни бизнинг Бадахшонликлар Жилбоши, деб атайдилар. Жилбоши келишидан олдин қишлоқнинг барча уйларида тозалаш, саришталаш ишлари олиб бориларди. Эркаклар, оиланинг ўғиллари бу кундан олдинроқ ҳовлида ерларни ағдарар, кеч куздан қолган, чириган дарахт япроқлари йиғиштирилар, жўяклар олинар, дарахтлар оқланар, хотин-халаж идиш-товоқларни қумда ярақлатишар, кирлар ювилар, дазмоллар босилар, қизлар, аёллар қўлларига хина, қошларига ўсма қўйиб созланишар эди.
Қишлоқнинг биргина обод жойи отам раҳбарлик қилган мактаб бўлиб, Жилбоши куни ёшу қари ўша томонга ошиқар эди. Одамлар мактаб ҳовлисидаги осмон билан бўйлашган дарахтзорга жой ҳозирлашар, маърака қозонларда шўрва, ош пишириларди. Ёши улуғлар Алимардон бобом, Даврон оқсоқол, Саттор тоғам, Ботир бува, Ярман бува, Яллоқобил бува, Бойқобил бобо, Эштўхтар бобо, Шобўта бува, Холқул бува ва яна қанча-қанча боболар алоҳида давра қуришарди. Уларнинг даврасида гарчанд ёш бўлсада отам ҳам виқор билан ўтирар эди.
Ўрта ёшли эркаклар боболардан сал берироқда давра қуришар эди. Бу ерда Ҳасан-Ҳусан тоғаларим, Чори, Улаш, Дўсиёр амаким, Жалил бува, Эшбўри ака, Холли ака, Ашур тоғам, Алим тоғам ва уларнинг тенгқурлари жойлашишар эди. Эркаклар даврасида ҳазил-ҳузулни Ашур тоғам бошлаб берар, кимларнингдир ҳаракатларини ўрнидан туриб кўрсатар, Эшбўри аканинг кулгили ҳунарлари тилга олинар, Далов бува, Потма момо, Холқул буванинг ишлари эсланар, гурра кулгидан дарахтларга қўнган қушлар парпираб учарди. Номлари тилга олинган одамлар ҳеч ҳам хафа бўлмас, аксинча ўзларининг соддадилликларидан кўзларидан ёш оқа-оқа кулишар эдилар. Ёши улуғлар ҳам бу ҳазиллардан завқланишар, саллаларининг учи билан кўзларини артишар эдилар.
Сал нарироқда момолар давраси бўлиб, улар ҳам ёшига қараб жойлашар эдилар. Ортиқ момом, Пардахол момом, Айжима момо, Жавҳар момо, Ойтош момо, Қора момо, Манғит момо, Хоним момо, Хирмоной аммам, Чучук момо, Ботир буванинг кампири Пардахол момо, Тасин момо ва бошқа барча момолар. Улар ёшларига муносиб улуғсифатроқ кийинар эдилар. Ҳар бир момонинг бошида чит, сатиндан тикилган капач бўлиб, капачнинг устидан тўрт-бешта турли тусдаги рўмоллар ўралган бўларди. Кичкина рўмолларнинг устидан момолар оппоқ докадан тикилган кийма киярдилар. Кийма ияклар билан бирга момонинг кўксини, елкаларини ҳам ёпиб турарди. Унинг устидан қора ёки тўқ қизил шол рўмол ташланар ва желак ёпинар эдилар. Улар иккита сатин кўйлакни қаватма-қават қилиб кийишар, кўйлакнинг газмолидан қотирма тишли тик ёқа қўйилар, бу момоларнинг кўкраги, елкасини бегона назардан тўсар, бу ҳам етмагандек устларидан кўкиш йўл-йўл кандирдан пешмат кийишар, пешматнинг олд қисми майда жўрма билан безалган бўларди. Момолар ҳам эркаклардан ийманиб ўтирар, невараларининг ҳархашаларига қулоқ тутишар, уларга қанд-қурсми, бўғирсоқми – сўраганини берар эдилар.
Ўрта ёшли аёллар давраси худди гулзорга ўхшарди. Уларнинг ҳар бири ранго-ранг либослар кийганлар. Оч яшил паранг, атлас, қип-қизил пилотно кўйлаклар уларни ловуллатиб турарди. Пешоналаридан атлас, сатиндан тикилган капачнинг жўрмаси, ундан сўнг қизил, сариқ, яшил паранги рўмоллар кўриниб турар, унинг устидан ияклари билан танғилган ёрқин тусдаги катта рўмолнинг попуклари кўзга ташланар ва ниҳоят унинг устидан оқ, қизил кандир желаклари ҳилпиллаб турарди. Желакнинг олд қисмидаги икки ёни, бошнинг устки қисми турли ранго-ранг ипаклар билан йўрмаланган, орқага ташлаб қўйилган икки енги ҳам олдга ҳамоҳанг кашталанган бўларди. Ҳар бир аёл бу куни энг чиройли либосларини эгнига илар, момоларидан, эналаридан мерос бўлиб қолган ҳапамат, дардиғозна, қизилмаржон, томоқча, билакчаларини тақиб олар эди. Уларнинг давраси эркакларнинг даврасига нисбатан сустроқ бўлар, ўзларини кўрсатмоқдан уялар эдилар.
Биз болаларнинг бошимиз осмонда эди. Гулсора опам, тоғаларимнинг қизлари Хосият, Гулнора, Бодом, Анор холаларим, дугоналарим Раъно, Саида, Хумор биргалашиб завқланар эдик. Ҳар биримиз эгнимиздаги ёрқин либосларимизни кўз-кўз қилишар, бошларимиздаги янги рўмолларимиз, оёғимиздаги бетига тугма тикилган янги ковушимиз билан мақтанар эдик. Турли тусдаги бахмал нимчаларимиз фақат бизда бордек бошимиз осмонда эди. Қийқувлашиб боғда югургилар, қувончдан ўпкаларимизни босолмас эдик.
Бундай байрамга ҳар бир оила аёли нимадир пишириб келар, кимдир қатлама, кимдир бўғирсоқ, яна кимдир ғилбинди, яна биров ширгуруч. Ҳамма келтирилган нарсалар дастурхонларга тортилар, олинг-олингдан дарахтзор шовқинга тўлар эди. Яна бир нарса борки, агар қишлоқда қайси оила азадор бўлса улар қатнашмас, элнинг оқсоқоли бўйруғи билан ўша хонадонга патир, қатлама, бўғирсоқ, турли ширинликлар солинган дастурхон юборилар, сопол товоққа уйиб солинган, сергўшт ош устига иккита нон қўйиб элтиб беришар эди.
Ниҳоят шўрвалар ичилиб, ошлар ейилиб, кўк чойлар ичилгач одамлар бирдан жим бўлишар, катта боболар ўтирган томонга дуо сўраб қараб турардилар. Бундай кезлари иззат-ҳурмати ҳамиша жойида бўлган Алимардон бобом дуо қиларди:
–Илоҳи омин, қарриларнинг иймонини берсин, ёшларга узоқ умр берсин, ҳаммани тўйларга, байрамларга жетказсин. Ҳаммамиз болаларимизга бош бўлайлик. Омин Оллоҳу акбар, – қадоқ қўлларини кўтарарди бобом.
Омин айтилгач ҳамма баравар ўрнидан турар, боболар бирин-сирин калишларини кийиб боғдан чиқар, ўрта ёш эркаклар уларнинг изидан юрар, ёш яланглар қозону самоварни йиғиштирар, момолар то эркаклар боғдан чиқиб кетгунча невараларининг қўлидан маҳкам тутганча гурунглашиб туришар, бундай пайт ҳар ким ўз сирдоши билан диллашар эди. Ёш келинлар бошқа ишларга аралашмай идиш-товоқ ювиш билан овора бўлар, кимлардир дастурхонларни ўрар, болалар кўрпачаларини кўтарганча уйга жўнар, ҳар ким ўзи келтирган идишларини саранжомлаб жойлар эди.
Биз ҳам энамга кўмакка интилардик. Уйимиздан нима келтирилган бўлса оғирини акаларим, енгилини биз қизлар кўтариб олар, энамдан бир қадам ажралмай уйга қайтар эдик.
Энам эртаси саҳармардонда уйғонар, кичиккина ҳужрамизда Жилбоши таоми учун хамир қорарди. Биз қизлар дарвозамиз ташқарисига кулоблатиб сув сепиб, супуриб-сидириб, гиламлар, кўрпачалар тўшардик, дастурхон ёзар эдик. Акаларим дарвозадан ташқарига катта маърака қозонни темир ўчоққа жойлашар, ўзлари сув билан тўлдириб, ўт қалар, кеча совуқ сувда ивитиб қўйилган ловия қайнаётган сувга ташланар эди. Энам эса сочдек кесилган кесканни баркашларга жойлаб олиб чиқар, маърака қозонда пишириб олар эди. Кескан пишгач суюлтирилган чакки билан аралаштирилар, опаларим майдалаб тўғраган турли кўкатлар, нозбой, пудина, аччиққина мурч солишар эди. Бу маросим яхши кунлар кескандек узун бўлсин, деган ниятда қилинарди.
Қуёш бошини кўтармай Жилбоши таоми учун кўчага чиққан боболар, эркаклар, болакайларнинг ғовур-ғувури эшитила бошларди. Боболар кўк, пистоқи йўлли, тароғи пастга қараган оқиш жегда кийиб олишар, жегданинг олд қисми майда жўрма билан безалган, белларида турли тусдаги белбов бойланган бўлиб, бошларига кўк салла ўраган, ёшроқ эркаклар йўл-йўл беқасам чопон, бошларига қалпоқ, болалар эса бир тўсли матодан чопон, бошларига ола қалпоқ, оёқларига калиш кийиб олган бўларди. Ана шу гурос-гурос одамлар қишлоқ кўчалари бўйлаб айланар эдилар. Бундай кезлари унча-мунчага сир бермайдиган отам салобат билан қишлоқдошларимизни қўшқўллаб кўришиб кутиб олар, боболар отамни дуо қилар, ёшроқ эркаклар ҳайиқиброқ қарар, акаларим уларнинг қўлларига сув қуяр, сочиқ тутишар эди. Тоға, амакиларимнинг ўғиллари акаларимга ёрдам беришар, оёқ-қўллари чаққон бўлиб меҳмонларга чой, нон, овқат ташишар, бу таомил уларга ёқиши чеҳраларидаги иссиқ табассумдан аён эди. Меҳмонлар ҳар бир оила дарвозаси ташқарисида ёзилган Жилбоши дастурхонининг тўридан жой олишар, буғдой уннинг мазали нонларидан татиб кўришар, иссиққина кескан ошдан ичишар, уй эгаларини дуо қилишарди, давранинг пастроғидан жой олган бола-бақра товушини чиқармай кескан ош ичарди. Ўтган, кетган, танишми нотанишми дастурхонга таклиф қилинар, одамлар ўша куни ҳамма билан қадрдон эди.
Биз эса энам пиширган таомни мақташларини истар эдик. Ростдан ҳам Жилбоши таоми пиширишда энамнинг олдига тушадигани бўлмасди.
Тушликка яқин бу таомил ҳам тамом бўларди. Биз ҳам ҳамма қатори дарвоза ташқарисига тўшалган гилам, кўрпачаларни йиғиштирар, идиш товоқ ювишда энамга ёрдам берар, акаларим қозон-ўчоқларни жой-жойига қўйишар эди. Шундан сўнггина отам қўйни-қўнжини тўлдириб, чойнакдай-чойнакдай олма-анор, увиздай каттақўрғони майиз, шақирдаган ёнғоқлар, пайшанбанинг парвардаси, сутга қорилган элакдай нонлар – хуллас, энг яхши егуликлардан жамлаб, акаларимни олиб Алимардон бобомнинг уйига кетар эди.
Уйда энам ва қизлар қолар эдик. Ана шунда энам ҳовлимизнинг орқа томонидаги йўнғичқазорга шолча ва кўрпачалар тўшатиб, тиззаларига Ойимгулчани ўтирғизганча бизга мана бундай қилиб Жилбоши қўшиғини айтиб берар эди.
Жилбоши кепти, билдингизма?
Этта саҳар турдингизма?
Этта саҳар тура солиб,
Қозон-товоқ жувдингизма?
Биз қизлар бир-биримизга майингина қараб қўярдик. Энам ўзи тўқиган бу қўшиқ орқали бизга нималарнидир ўргатаётганларини сезардик.
Жилбоши кепти билдингизма?
Тонг қоронға турдингизма?
Тонг қоронға тура солиб,
Ишни тоза қилдингизма?
Опаларим билинтирмай ўзлари чинни чироқ қилган чойнак-пиёлаларга, қордай оқартириб ювган кийим-бошларга назар солиб қўйишарди.
Жилбоши кепти билдингизма?
Қошга ўсма қўйдингизма?
Қошга ўсма қўяятиб,
Жайраганин билдингизма?
Жилбоши кепти билдингизма?
Қўлга хина қўйдингизма?
Қўлга хина қўяятиб,
Қизариб кетганин билдингизма?
Бундай пайт қизлар хинадан қизариб турган кафтларимизни очиб маҳлиё бўлиб қарар, бир-биримизга мақтаниб кўрсатар эдик. Қўшиқ эса янаям бошқачароқ давом этарди.
Жилбоши кепти билдингизма?
Буванинг ҳалин сурдингизма?
Буванинг ҳалини сўраб,
Бели бугилганин билдингизма?
Жилбоши кепти билдингизма?
Моманинг ҳалин сурдингизма?
Моманинг ҳалин сўраётиб,
Нурдан қоғанин билдингизма?
Биз бу айтимларни тинглар эканмиз кўз ўнгимиздан бир умр меҳнатда қўллари қадоқ бўлган Алимардон бобом ўтарди. Чавандоз бобом, меҳнаткаш бобом, орли ва ғурурли бобомдан фахрланиб кетардик. Ва тадбиркорлиги, ишбилармонлиги учун қатағонга учраган, узоқ йиллар Тожикистонда Ортиқбайбича момом билан яшаб, ўн йиллар ўтиб ўз юртига қайтиб келган ва хўрликларга чидолмай вафот этган Худойқул бобомни хотирлаймиз. Отамнинг онаси ёшгина ҳолида бу дунёни тарк этган Ойимгул момом ҳақида отам айтиб берган воқеалар кўз олдимиздан ўтади. Момомга ачиниб кетамиз. Кўзларимиз ачишгандек бўлади.
Жилбоши кепти билдингизма?
Отани бориб кўрдингизма?
Отангизни кўраятиб,
Қарриганин билдингизма?
Жилбоши кепти билдингизма?
Энангизди кўрдингизма?
Энангизди кўраятиб,
Чарчаганин билдингизма?
Бу айтимни тинглаб тавба отам нимага қарийди, деймиз. Энам нимага чарчайди, деб бир-биримизга савол берамиз. Улар худда бир умр мана шундай навқирон, ўз гапини ўзказа оладиган одамлар бўлиб яшайверади, деб ўйлаймиз.
Қўшиқнинг кейинги сатрлари амма-холалар, тоғалар, амакиларни йўқлаш, уларнинг дийдорини исташ билан боғлиқ тарбиявий сўзлар билан давом этади.
Жилбоши кепти билдингизма?
Жилбоши кескан жедингизма?
Жилбоши кескан жияятиб,
Шойдала шарт бўлдингизма?
Бу энам ўзи тўқиган айтимлар. Уни тинглаб боболар, момолар, тоғаю амакилар, амма-холаларни қадрлаш тушунчаси онгимизга сингиб борарди. Айтимда энамнинг завқли юраги, одамларга меҳри, ҳаётга қарашлари, яхшилик исташлари акс этади. Энамнинг ўз олами яшайди бу айтимларда. Унинг сатрларида энамнинг бутун оламга бўлган меҳри, муҳаббати намоён бўлади. Ётми, танишми – ҳаммага тутган яхшилик гуллари чаппор уради. Эҳ, бу айтимлар, эҳ бу олқишлар, уларни ҳеч кимнинг энаси энамдай айта олмайди.
Гулжаҳон МАРДОНОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ЎзА