Ўзбекистон элчихонаси кўмагида мамлакатимизнинг тегишли ташкилотлари ва Исроил Савдо-саноат палаталари федерациясининг Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Ор Нехуштан ўртасида видеоконференция шаклида учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Музокараларда Ўзбекистон томонидан Савдо-саноат палатаси (ССП), Экспортни рағбатлантириш агентлиги, Қорақалпоғистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари, «Ўзэлтехсаноат», «Ўзтўқимачиликсаноат», «Ўзкимёсаноат» ва «Ўзчармсаноат» уюшмалари вакиллари иштирок этишди.
Исроил томони иштирокчиларга Савдо-саноат палаталари федерацияси фаолияти ва хорижий экспортчилар учун яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, тижорат таклифларини жойлаштириш имкониятини яратадиган махсус платформа бўйича тақдимот ўтказилди. Унда ушбу электрон тизим ўзбекистонлик экспортчиларига тижорат таклифларини бевосита 5000 дан ортиқ салоҳиятли исроиллик импортчилар ва ишлаб чиқарувчиларга етказиш имкониятини бериши қайд этилди.
Исроил ССП бошқарма бошлиғи, шунингдек, 2023 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган халқаро кўргазмаларга оид маълумотлар ташкилотга аъзо корхоналар ўртасида кенг тарғиб қилинишини таъкидлади.
Учрашув давомида Ўзбекистон ССП ва Исроил ССПФ ўртасида 2013 йилда имзоланган Англашув меморандуми асосида икки томонлама ҳамкорликни жадаллаштириш ва палаталар имкониятларидан самарали фойдаланишнинг янги йўналишларини аниқлаш учун мунтазам тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Тадбирда Ўзбекистон вакиллари ўз ташкилотлари ҳақидаги тақдимотларни ўтказишди.
Маълумот учун: Исроил ССПФ 1919 йилда нотижорат ташкилот сифатида ташкил этилган. Федерация 6 та минтақавий савдо палаталаридан иборат бўлиб, 5 мингдан ортиқ корхона ва компанияларга турли хизматларни кўрсатади. Ташкилотга аъзо компанияларнинг 95 фоизини кичик ва 5 фоизини ўрта корхоналар ташкил этади.