Ўзбекистон Республикасининг Исроил Давлатидаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Самарқанд вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бошқармаси раҳбарияти ҳамда Исроилда вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган Ўзбекистон фуқаролари иштирокида навбатдаги онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда 2022 йилнинг 27 июлида имзоланган Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Исроил Давлати ҳукумати ўртасида Исроил меҳнат бозорининг махсус жабҳаларида Ўзбекистондан келган ишчиларни вақтинча ишга жойлаштириш тўғрисидаги Битимни амалга ошириш босқичларига оид маълумотлар Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан тақдим этилди.
Мулоқот давомида хорижда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган мамлакатимиз фуқаролари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Меҳнат мигрантларининг иш фаолияти билан боғлиқ бўлган муҳим масалалар, шу жумладан, пенсияга чиқиш тартибларига оид саволларига атрофлича жавоблар берилди.
Исроилга вақтинча меҳнат қилиш учун келадиган номзодлар муайян мутахассисликлар бўйича ва иврит тилини ўрганиш курсларини битириши талаб этилиши маълум вилинди.
Мазкур онлайн учрашув "Элчихона – Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги – маҳаллий ҳокимлик идоралари – меҳнат мигрантлари фаоллари" платформасида йўлга қўйилган мулоқот доирасида ўтказилди.