ТОШКЕНТ, 19 ноябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Ўзбекистон-Исроил сиёсий маслаҳатлашувларининг олтинчи раунди видеоконференция шаклида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов ва Исроил Давлати ташқи ишлар вазирлиги бош директори ўринбосари, Евроосиё ва Ғарбий Болқон департаменти раҳбари Гарри Корен бошчилигидаги делегациялар иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, учрашувда томонлар кун тартибидаги қатор масалалар, шу жумладан халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ўзаро алоқаларни атрофлича муҳокама қилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ чораларни кўриш тўғрисида келишувга эришилди.
Шу нуқтаи назардан, Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича икки томонлама ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказиш, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Исроил Савдо палаталари федерацияси ўртасида ўзаро алоқаларни ўрнатиш, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тиббиёт, туризм ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Парламентлараро алоқаларни ривожлантириш икки томонлама кун тартибида алоҳида ўрин тутиши таъкидланди. Томонлар 22 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Исроил Кнессети парламентлараро дўстлик гуруҳларининг биринчи қўшма онлайн-мулоқоти ўтказилганини мақуллади.
Томонлар соғлиқни сақлаш, қишлоқ ва сув хўжалиги, инновация ва технологиялар соҳаларида икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида ҳамкорликни чуқурлаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Музокаралар давомида икки томонлама муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини кенгайтириш бўйича фикр алмашилди.
Маслаҳатлашувлар чоғида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.