ТЕЛЬ-АВИВ, 12 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси томонидан “Исроил-Осиё” савдо-саноат палатаси бош директори Лирон Урман билан музокаралар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан В2В учрашувлари ва иқтисодиётнинг муайян соҳаларига бағишланган тақдимотларни мунтазам равишда ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистон ва Исроил тадбиркорлари иштирокида қўшма тадбирлар жадвали ва икки томонлама ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш бўйича келишиб олди.
“Исроил-Осиё” савдо-саноат палатаси нотижорат ташкилот бўлиб, уни Исроилнинг иқтисодиёт ва саноат, молия ва ташқи ишлар вазирликлари, Савдо-саноат палаталари федерацияси, Ишлаб чиқарувчилар уюшмаси ва Исроил экспорт ва халқаро ҳамкорлик институти таъсис этган.
“Исроил-Осиё” савдо-саноат палатасининг фаолияти Осиё йўналишида бизнес ҳамкорлик ва савдо-сотиқни ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат. У Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Сингапур, Таиланд, Вьетнам, Малайзия ва Индонезия каби қатор мамлакатлар билан ҳамкорликда ташкил этилган икки томонлама савдо-саноат палаталарини бирлаштиради.