.Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан энг кўп таклифлар инсон ҳуқуқлари, суд ҳокимияти ва бошқаларга оид масалалар юзасидан юборилмоқда.
Бу ҳақда Конституциявий комиссия матбуот хизмати брифингида маълум қилинди.
Қайд этилишича, 11 июнь ҳолатига кўра жами 20 минг 148 та таклиф келиб тушган. Уларнинг аксарияти meningkonstitutsiyam.uz платформаси орқали қабул қилинган. Таклифларнинг 11 минг 306 таси эркаклар, 6 минг 422 таси эса аёллар томонидан юборилган (2420 таси аноним). Таклифларнинг 70 фоизидан ортиғи 30 ёшгача бўлган ёшлардан келиб тушган.
Шунингдек, энг кўп таклифлар Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларидан келиб тушмоқда.
Улар олимлар, мутахассислар иштирокида кенг муҳокама қилиниб, норма ҳолатига келтирилган. Уларнинг аксарияти инсон ҳуқуқлари, мазкур ҳуқуқларнинг кафолатлари, оила институти, суд ҳокимияти ва бошқаларга оид масалалардир. Таклифлар билан ишлаш гуруҳи томонидан 24 соат давомида фуқаролар таклифлари қабул қилинмоқда.
Конституциявий ислоҳотлар жараёнида фуқаролик жамияти институтлари, айниқса, сиёсий партиялар, маҳаллалар ҳамда илмий-тадқиқот институтларининг фаоллиги яққол сезилмоқда.
М.Комилова, ЎзА