ТEЛЬ-АВИВ, 5 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикасининг янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Феруза Маҳмудова кеча Исроил давлати Президенти Реувен Ривлинга ишонч ёрлиғини топширди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тантанали маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Исроил раҳбари икки мамлакат халқлари ўртасидаги муносабатлар 2 минг йилликдан зиёд тарихга эгалигини қайд этди, Бухоро яҳудийларининг Исроил давлати шаклланиши ва ривож топишига қўшган салмоқли ҳиссасига алоҳида эътибор қаратди.
Ўзбекистон турли динлар, маданиятлар ва миллатлар вакилларининг тинч-тотув яшашининг ёрқин намунаси эканлиги таъкидланди. “Республиканинг ушбу муваффақиятли тажрибаси дунёнинг кўплаб мамлакатлари томонидан ўрганишга лойиқдир”, - деди Исроил Президенти.
Исроил раҳбари Иккинчи жаҳон уруши пайтида ўн минглаб яҳудий қочоқларни қабул қилган ўзбек халқининг бағрикенглигини алоҳида эътироф этди. Унинг сўзларига кўра, Исроил халқи Ўзбекистондан чуқур миннатдор ва бу тарихий ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайди.
Шу куни Исроилнинг етакчи интернет-ресурсларида хорижий элчилар томонидан Президент Реувен Ривлинга ишонч ёрлиқларини топшириш маросими бўлиб ўтгани тўғрисида материаллар чоп этилди. Улар Феруза Маҳмудова Ўзбекистон ташқи сиёсат хизматидаги биринчи аёл элчи эканини алоҳида таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 16 октябрь куни Исроилнинг янги элчиси Зехавит Бен Хиллел Ўзбекистон Президентига ишонч ёрлиғини топширган эди.