ТОШКЕНТ, 17 май. /«Дунё» АА/. Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Исроил Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг еттинчи давраси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, томонлар делегацияларига Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов ва Исроил Ташқи ишлар вазирлигининг Бош директори ўринбосари, Евроосиё ва Ғарбий Болқон департаменти бошлиғи Гарри Корен бошчилик қилди.
Маслаҳатлашувлар чоғида Ўзбекистон-Исроил кун тартибидаги долзарб масалалар, халқаро тузилмалардаги ўзаро ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.
Режалаштирилаётган тадбирлар жадвали, жумладан, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг бўлажак йиғилиши ва шартномавий-ҳуқуқий базани инвентаризация қилиш бўйича маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси муҳокама қилинди.
Икки томонлама кун тартибида алоҳида ўрин тутадиган парламентлараро мулоқотни чуқурлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Минтақавий ва халқаро кун тартибидаги айрим масалалар кўриб чиқилди.
Томонлар икки томонлама алоқаларни ўзаро манфаатли ва амалий тарзда изчил ривожлантиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
ТИВлараро маслаҳатлашувларни мунтазам равишда давом эттиришдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.