
1992-йил 8-декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси — мамлакатимизнинг Асосий қонуни қабул қилинган. Конституция давлат тузумининг асосий тамойилларини белгилайди, инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, шунингдек, давлат ҳокимиятини ташкил этиш асосларини мустаҳкамлайди. Тақдимотда ёритилган таҳрирдаги Асосий қонун муқаддима, 6 бўлим, 27 боб ва 155 моддадан иборат.
Конституциянинг 25–35-моддаларида асосий шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар мустаҳкамланган. Улар қаторига яшашга бўлган ажралмас ҳуқуқ, инсон шаъни ва қадр-қимматининг дахлсизлиги, эркинлик ва шахсий дахлсизлик, айбсизлик презумпсияси, малакали юридик ёрдам олиш ҳамда шахсий ҳаёт дахлсизлиги киради. Асосий қонун эркин ҳаракатланиш, фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлигини, виждон эркинлигини, шунингдек, инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор материаллар билан танишиш имкониятини ҳам кафолатлайди.

Конституциянинг 105–110-моддаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат бошлиғидир. Президент фуқаролар томонидан яширин овоз бериш ёъли билан етти йил муддатга сайланади. Номзод камида 35 ёшда бўлиши, давлат тилини яхши билиши ва сайловгача камида ўн йил Ўзбекистонда доимий яшаган бўлиши лозим. Президент фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишининг кафили бўлиб, мамлакатни ички ва халқаро муносабатларда ифодалайди, қонунларни имзолайди ва эълон қилади ҳамда Қуролли Кучларнинг Олий Бош Қўмондони ҳисобланади.
.jpg)
Ўзбекистон Республикасида ижро этувчи ҳокимиятни Бош вазир, унинг ўринбосарлари ва вазирлардан иборат Вазирлар Маҳкамаси амалга оширади (114-модда). Вазирлар Маҳкамаси мамлакат ҳудудида бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва фармойишлар чиқаради ҳамда Олий Мажлис ва Президент олдида ҳисобдордир. 117-моддага мувофиқ, Бош вазир Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади, унинг қарорларини имзолайди ҳамда ҳукуматни халқаро муносабатларда ифодалайди.
.jpg)
Конституциянинг 1–6-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон суверен демократик республика бўлиб, давлат халқ манфаатларига хизмат қилади. Мамлакат ҳудуди ва давлат чегараси дахлсиз ҳамда бўлинмасдир. Давлат тили — ўзбек тили. Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари байроқ, герб ва мадҳиядан иборат; пойтахти — Тошкент шаҳри. Ушбу қоидалар суверенитет, бирлик ва миллий давлатчиликнинг асосларини ифодалайди.
.jpg)
Конституцияда оила, болалар ва ёшларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган. 76-моддага кўра, оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, жамият ва давлат муҳофазасидадир. 77-модда ота-оналарнинг фарзандларини вояга етгунига қадар боқиш, уларнинг тарбияси ва соғлом ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилиш мажбуриятини белгилайди. 78-модда болаларнинг ота-онаси келиб чиқиши ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенглигини мустаҳкамлайди. 79-модда ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилишни назарда тутади.
.jpg)
Асосий қонунда кенг доирадаги иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар мустаҳкамланган. Жумладан, мулкдор бўлиш ҳуқуқи (41-модда), меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, адолатли ҳақ олиш ҳамда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқи (42-модда), шунингдек, бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган давлат чоралари (43-модда) назарда тутилган. Конституция ижтимоий таъминот (46-модда), малакали тиббий ёрдам (48-модда), таълим олиш (50-модда), илмий ва техникавий ижод эркинлиги ҳамда маданият ютуқларидан фойдаланиш (53-модда) ҳуқуқларини ҳам белгилайди.
.jpg)
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширувчи олий давлат вакиллик органидир. У икки палатадан — Қонунчилик палатаси ва Сенатдан иборат (91–92-моддалар). Қонунчилик палатаси 150 нафар депутатдан ташкил топади, Сенат эса ҳудудий вакиллик палатаси бўлиб, 65 нафар сенатордан иборат. Палаталарнинг ваколат муддати беш йил. Камида 25 ёшга тўлган ва Ўзбекистонда камида беш йил доимий яшаган фуқаро Қонунчилик палатаси депутати ёки Сенат аъзоси бўлиши мумкин.
.jpg)