Бугун Осиё минтақаси йирик ишлаб чиқариш қувватлари, тез ўсиб бораётган истеъмол бозорлари, технологик ва молиявий марказларни бирлаштириб, глобал иқтисодий жараёнларда ҳал қилувчи ўрин эгалламоқда. Шу билан бирга, геосиёсий вазият, глобал савдо ва логистика занжирларидаги ўзгаришлар, иқлим хатарлари ҳамда инвестиция ресурслари учун рақобатнинг кучайиши Осиё давлатлари ўртасидаги мулоқот ва амалий ҳамкорликнинг аҳамиятини янада оширмоқда.
Бундай шароитда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш — ОҲИЧБК доирасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг аҳамияти ҳам ортиб бормоқда. Бугунги кунда Кенгаш 28 та давлатни бирлаштириб, Осиё ҳудудининг қарийб 90 фоизини ва жаҳон аҳолисининг ярмидан кўпини қамраб олмоқда. ОҲИЧБК давлатлари ҳиссасига жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 50 фоиздан ортиғи ва глобал иқтисодий ўсишнинг қарийб учдан икки қисми тўғри келади. Бу эса мазкур маконда иқтисодий ва молиявий ҳамкорликни кенгайтириш учун салмоқли салоҳият мавжудлигини кўрсатади.
Ўзбекистон ОҲИЧБК доирасидаги ҳамкорликни Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш билан бир қаторда, иқтисодий тараққиёт ва фаровонлик учун амалий шерикликни кенгайтиришнинг муҳим воситаси сифатида кўриб келмоқда.
Ўзбекистон учун янги имкониятлар
Бугунги кунда Ўзбекистонда кузатилаётган жадал иқтисодий ўсиш ва иқтисодиётни модернизация қилиш жараёнлари, ўз навбатида, узоқ муддатли инвестициялар, хусусий капитал ва замонавий молиявий инструментларга бўлган талабни ҳам оширмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимда қайд этганидек, келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш, иқтисодиётда юқори ўсиш суръатини сақлаган ҳолда, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда.
Мазкур мақсадларга эришиш борасидаги асосий вазифалардан бири инвестициялар ҳажмини кўпайтириш билан бир қаторда, уларнинг манбаларини диверсификация қилиш, хусусий ва институционал инвесторлар, капитал бозорлари, давлат-хусусий шериклик ва бошқа замонавий молиявий механизмлардан кенгроқ фойдаланишдан иборат.
Бу жараён глобал тенденциялар билан ҳамоҳанг кечмоқда. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, ривожланаётган давлатларда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун йиллик молиялаштириш тақчиллиги 4 трлн доллардан зиёд баҳоланмоқда. Демак, иқтисодий ўсишни фақат анъанавий молиялаштириш манбалари ҳисобига таъминлаш тобора мураккаблашиб, давлатлар ўртасида инвестициявий ва молиявий ҳамкорликнинг янги шаклларига эҳтиёж ортиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2022 йил 13 октябрда Остона шаҳрида бўлиб ўтган ОҲИЧБКнинг VI саммитида Осиё қитъасида ўзаро боғлиқликни биринчи галда ишлаб чиқариш-логистика занжирини, Марказий Осиёни Жанубий ва Шарқий Осиё, шунингдек, Яқин Шарқ билан самарали боғлайдиган транспорт йўлакларини яратиш ҳисобидан кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Бу масала Ўзбекистон учун нафақат стратегик, балки аниқ иқтисодий аҳамиятга ҳам эга. 2025 йилда мамлакат ташқи савдо айланмаси 81,2 млрд долларга етиб, 2024 йилга нисбатан 20,7 фоизга ўсди.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларининг аксарияти ОҲИЧБК маконида жойлашган. 2025 йилда мамлакат ташқи савдо айланмасида Хитойнинг улуши 21,2 фоизни, Россиянинг — 16 фоизни, Қозоғистоннинг — 6,1 фоизни, Туркиянинг — 3,7 фоизни ва Корея Республикасининг — 2,1 фоизни ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ОҲИЧБК доирасида билимлар иқтисодиётини ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, инновациялар трансфери салоҳиятидан тўлиқроқ фойдаланиш, рақамлаштиришни рағбатлантириш, “булутли” технологиялар, сунъий интеллект ва “буюмлар Интернети”ни ривожлантириш бўйича Осиё мамлакатларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини қайд этди.
Мазкур йўналиш бугунги кунда ОҲИЧБКнинг шаклланаётган молиявий кун тартиби билан янада уйғун аҳамият касб этмоқда. Рақамли иқтисодиётнинг ривожланиши замонавий тўлов тизимлари, финтех ечимлари, рақамли молиявий хизматлар ва трансчегаравий молиявий ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратмоқда.
Яна бир муҳим йўналиш — “Яшил Осиё” концептуал дастури доирасида мамлакатларни жадал кўкаламзорлаштириш ва экотизимлар ўзаро боғлиқлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий эксперт маслаҳатлашувларини йўлга қўйиш ташаббусидир. Ушбу ташаббус “яшил” ва барқарор молиялаштириш воситаларини кенгайтириш, иқлим ва энергетик трансформация лойиҳаларига хусусий капитални жалб қилиш масалалари билан бевосита уйғунлашади.
Молиявий ҳамкорликнинг янги босқичи
Молиявий ҳамкорлик ОҲИЧБК доирасида ўзаро боғлиқликнинг муҳим таркибий қисмларидан бирига айланмоқда.
Бу борадаги муҳим қадамлардан бири ОҲИЧБК Молиявий саммитининг ташкил этилиши бўлди. Янги маслаҳатлашув органи тўғрисидаги Низом 2025 йилда қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, унинг фаолияти молиявий барқарорликни таъминлаш, барқарор иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш ва ОҲИЧБК минтақаси фаровонлигини ошириш мақсадида аъзо давлатлар ўртасида молия соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Янги механизмнинг амалий фаолияти жорий йилда бошланди. 2026 йил 8 сентябрда Остона шаҳрида ОҲИЧБК Молиявий саммитининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда давлат органлари, миллий молия институтлари, банк сектори, бизнес, халқаро ташкилотлар ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари иштирок этди.
Алоҳида молиявий мулоқот майдонининг пайдо бўлиши Осиёдаги иқтисодий ҳамкорлик хусусияти ўзгариб бораётганини кўрсатади.
Бугунги кунда молиявий ўзаро боғлиқлик транспорт ёки савдо соҳасидаги боғлиқликдан кам бўлмаган аҳамият касб этмоқда. Йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш узоқ муддатли капитални, трансчегаравий савдони ривожлантириш самарали ҳисоб-китоб ва молиявий механизмларни, “яшил” трансформация янги инвестиция воситаларини, технологияларнинг жадал ривожланиши эса молиявий тартибга солувчилар ва бозор иштирокчилари ўртасида янада яқин ҳамкорликни талаб қилмоқда.
Айнан шу йўналишлар ОҲИЧБКнинг янги молиявий механизми мазмун-моҳиятини белгилаб бермоқда.
Биринчи йиғилиш кун тартиби ҳам ушбу ҳамкорликнинг кенг қамровли эканини кўрсатди. Унда молиявий ўзаро боғлиқлик, тараққиётни молиялаштириш, барқарор ва инклюзив молия, рақамли молия ҳамда молиявий технологиялар масалалари асосий эътибор марказида бўлди.
Шундай қилиб, гап яна бир молия институти ёки тараққиёт банкини ташкил этиш ҳақида эмас. Аксинча, ОҲИЧБК давлатларининг амалдаги миллий молия институтлари, тартибга солувчи органлари, банклари, фонд биржалари ва тараққиёт институтлари ўртасида ҳамкорлик майдони шаклланмоқда.
Шу маънода, ОҲИЧБК доирасида шаклланаётган янги молиявий механизмлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган ўзаро боғлиқлик, рақамли тараққиёт ва “яшил” ўсиш ташаббусларини амалий инвестиция лойиҳалари билан уйғунлаштириш, шунингдек, мамлакатни Осиёдаги янги молиявий алоқаларнинг фаол иштирокчиси сифатида мустаҳкамлаш учун қўшимча имконият яратади.