Давлатлараро муносабатларнинг ҳақиқий қуввати фақат сиёсий келишувлар ёки иқтисодий кўрсаткичлар билан ўлчанмайди. Халқлар бир-бирини қанчалик яхши англаса, бир-бирининг тарихи, маданияти ва қадриятларига қанчалик ҳурмат билан ёндашса, муносабатлар шунчалик мустаҳкам ва барқарор бўлади.
Шу маънода Ўзбекистон ва Сербия муносабатлари янги мазмун ва аҳамият касб этмоқда.
Ўтган йилда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи учун муҳим қадамлар ташланди. Хусусан, 28 октябрь куни Тошкентда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Сербия Республикаси Президенти Александар Вучичнинг музокаралари бўлиб ўтди. Унинг якунида имзоланган ҳужжатлар қаторида таълим, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг мавжудлиги маданий-гуманитар йўналишга берилаётган эътиборнинг муҳим кўринишидир.
Бугун биз учун асосий масала — мавжуд ҳуқуқий асосларни амалий, мазмунли ва халқларга сезиладиган маданий лойиҳаларга айлантиришдир.
Мулоқотдан амалий ҳамкорлик сари
Миллий маданиятимизнинг халқаро майдондаги ўрни ҳақида гап кетганда, биз фақат тарихий обидалар ёки миллий санъат намуналарини намойиш этиш билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Маданият — маънавий жараён. Унда тарих ҳам, ижод ҳам, янги авлоднинг қарашлари ҳам мужассам. Шу нуқтаи назардан Сербия билан маданий алоқаларни ҳам бир марталик тадбирлар эмас, балки узлуксиз ижодий ҳамкорлик тизими сифатида ривожлантириш муҳим.
Ўзбекистоннинг мусиқа ва рақс санъати, театр ва киноси, тасвирий ва амалий санъати, адабиёти, ҳунармандчилиги Сербия жамоатчилигига мамлакатимизнинг бой маданий қиёфасини танитиш учун катта имконият беради. Ўз навбатида, серб маданияти ва санъатини Ўзбекистонда кенгроқ тарғиб қилиш икки халқ ўртасидаги маданий мулоқотни бир томонлама эмас, ўзаро манфаатли жараёнга айлантиради.
Бу борада маданият кунлари, кўргазмалар, концертлар, кино намойишлари, театр гастроллари, ижодий учрашувлар ва маҳорат дарслари энг самарали воситалардан биридир.
“Ал-Хоразмийдан Теслагача”
Дарҳақиқат, Ўзбекистон–Сербия маданий ҳамкорлигида кинематографиянинг алоҳида ўрни бор. Хусусан, 2026 йил 3 апрель куни Ўзбекистон Маданият вазирлигида Сербия Республикаси Маданият вазирлиги Давлат котиби Лав Пайкич билан ўтказилган учрашувда икки мамлакат ҳамкорлигида суратга олиниши режалаштирилаётган “Ал-Хоразмийдан Теслагача” қўшма фильм лойиҳасининг ташкилий масалалари муҳокама қилингани бу йўналишдаги муҳим қадамдир.
Лойиҳанинг ўзида катта рамзий маъно бор. Бир томонда — жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган Муҳаммад ал-Хоразмий, иккинчи томонда — электротехника ва ихтирочилик тарихида алоҳида ўрин тутган Никола Тесла. Уларни бир бадиий ғоя атрофида бирлаштириш икки халқнинг нафақат маданияти, балки илм-фан, тафаккур ва цивилизация тараққиётига қўшган ҳиссасини кўрсатиш учун ҳам ўзига хос имкониятдир. Замонавий кинонинг кучи ҳам шунда — у тарихий хотирани янги авлодга ва кенг халқаро аудиторияга таъсирчан тилда етказа олади.
Маданият кунлари — намойиш эмас, мулоқот майдони
2026 йилда Сербияда “Ўзбекистон маданияти кунлари” ни ўтказиш масаласининг муҳокама қилингани ҳам икки мамлакат маданий ҳамкорлигидаги муҳим йўналишлардан биридир.
Бундай тадбирни фақат концерт ёки кўргазма сифатида қабул қилиш тўғри эмас. Зеро, маданият кунлари — халқнинг ўзини танитиш, бошқа халқни эшитиш ва англаш учун яратилган кенг мулоқот майдонидир.
Шу боис, Ўзбекистон маданиятини Сербияда намойиш этиш жараёнида миллий мусиқа ва рақс, тасвирий ва амалий санъат, кино, адабиёт, ҳунармандчилик билан бир қаторда ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари, илмий-амалий анжуманлар ва адабий кечаларни уйғунлаштириш билан ҳам аҳамиятли.
Дарҳақиқат, маданий меросни асраш умумий масъулият. Ўзбекистон ва Сербиянинг маданий ҳамкорлигида тарихий-маданий мерос йўналиши ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Самарқанд, Бухоро ва Хива сингари тарихий шаҳарларимиз жаҳон цивилизацияси тараққиётида муҳим ўрин тутган. Сербия ҳам ўзининг тарихий шаҳарлари, меъморий ёдгорликлари ва маданий мероси билан фахрланади.
Шунинг учун музейлар, архивлар, илмий-тадқиқот муассасалари ва маданий мерос объектлари билан ишловчи ташкилотлар ўртасида тажриба алмашиш истиқболли йўналишлардан биридир. Айниқса, реставрация, музейшунослик, архив материалларини ўрганиш, маданий меросни рақамлаштириш каби соҳалардаги ҳамкорлик амалий натижалар бериши мумкин.
Таржима — икки адабиёт ўртасидаги мустаҳкам кўприк
Халқни халққа яқинлаштирадиган воситалардан бири — адабиёт. Ўзбек адабиёти намуналарининг серб тилига, серб адабиёти асарларининг ўзбек тилига таржима қилиниши икки халқнинг ички дунёси, тарихий хотираси ва маънавий қарашларини яқиндан англаш имконини беради. Бу борада ёзувчи-шоирлар иштирокида адабий учрашувлар, таржимонлар семинарлари, адабий журналларда махсус рукнлар ташкил этиш, олий таълим ва илмий муассасалар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш муҳим вазифалар сирасига киради. Чунки таржима қилинган ҳар бир яхши асар — икки тил ўртасида эмас, икки халқ ўртасида қурилган кўприкдир.
Тошкент ва Белград: шаҳарлардан халқ дипломатиясигача
2025 йил 28 октябрда Тошкент вазири Белград шаҳарлари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битимнинг имзоланиши ҳам маданий алоқалар учун янги имкониятлар эшигини очади. Энди бу муносабатларни шаҳарлар даражасидаги амалий маданий алмашинувлар билан бойитиш мумкин.
Рассомлар, театр жамоалари, мусиқачилар, ёш ижодкорлар, музей ва кутубхона мутахассисларининг ўзаро ташрифлари маданий дипломатияни оддий одамларга янада яқинлаштиради. Зеро, халқ дипломатияси катта минбарлардан эмас, кўпинча инсонларнинг бевосита мулоқотидан бошланади.
Олдимизда турган вазифа аниқ
Ўзбекистон–Сербия маданий ҳамкорлигининг кейинги босқичида вазифаларни аниқ белгилаб олиш зарур.
Биринчидан, “Ўзбекистон маданияти кунлари” ни Сербияда, Сербия маданияти кунларини эса Ўзбекистонда ўтказишни тизимли йўлга қўйиш.
Иккинчидан, “Ал-Хоразмийдан Теслагача” каби қўшма кино лойиҳаларини амалий натижага айлантириш ва кинематография соҳасидаги ижодий ҳамкорликни кенгайтириш.
Учинчидан, театр, мусиқа, рақс, тасвирий ва амалий санъат вакилларининг ижодий алмашинувларини кўпайтириш.
Тўртинчидан, музейлар, архивлар ва маданий мерос муассасалари ўртасида профессионал ҳамкорликни кучайтириш.
Бешинчидан, ўзбек ва серб адабиётини ўзаро таржима қилиш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва улар учун қўшма ижодий платформалар яратиш.
Олтинчидан, маданият ва санъатда рақамли технологиялардан фойдаланиш, қўшма рақамли лойиҳаларни ишлаб чиқиш.
Энг муҳими, бу вазифалар қоғозда қолиб кетмаслиги, аниқ лойиҳалар, муддатлар ва натижалар билан таъминланиши керак.
Яқинлашувнинг энг таъсирчан тили
Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги муносабатларда маданиятнинг ўрни тобора ортиб бормоқда. Бу жараённинг асосий мақсади фақат миллий санъатимизни хорижда намойиш этиш эмас. Асосий мақсад — ўзаро англашувни чуқурлаштириш, ижодкорларни бирлаштириш, тарихий ва маданий меросни биргаликда ўрганиш, янги авлод учун янги мулоқот майдонларини яратиш.
Бугун маданий дипломатия олдида турган вазифа — мавжуд алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, уларни мазмун билан бойитиш ва халқлар ўртасидаги муносабатларга айлантиришдир.
Юртимизнинг маданият соҳасидаги халқаро ҳамкорлик сиёсатида биз ҳар бир мамлакат билан муносабатга ўзининг тарихий ва маданий хусусиятларидан келиб чиқиб ёндашишимиз керак. Сербия билан ҳамкорликда эса умумий инсоний қадриятлар, тарихга ҳурмат, илм-фан ва ижодга эътибор бизни бирлаштирадиган муҳим тамойиллардир.
Маданиятнинг энг катта ютуғи — у чегараларни эмас, инсонларни яқинлаштиради.
Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги маданий ҳамкорликни ана шу тамойил асосида ривожлантириш — бугунги куннинг вазифаси, эртанги авлод олдидаги масъулиятимиздир. Зеро, маданият — халқларнинг бирлиги, ҳалоллиги ва маърифатига таъсир ўтказувчи энг таъсирчан омилдир. Миллатимизнинг маданияти барҳаёт экан, унинг замирида ҳар бир соҳа улкан ғалабалар қозониб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшади.