Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni
O‘zbekiston Respublikasining Isroil Davlatidagi elchixonasi

4–6 июнь кунлари Тошкентда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтади



2026 йил 4–6 июнь кунлари Тошкент шаҳрида “Тинчлик, ўзаро боғлиқлик, барқарорлик: умумий фаровонлик пойдеворини шакллантириш” мавзусида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши ўтказилади.

Термиз мулоқоти 2025 йилда доимий фаолият юритувчи халқаро платформа сифатида таъсис этилган бўлиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ташаббусини амалий жиҳатдан илгари суришга кўмаклашишга қаратилган. Ушбу ташаббус халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланди ва БМТ Бош Ассамблеясининг 2022 йил 11 июлдаги махсус резолюцияси билан мустаҳкамланди.

Бу галги йиғилиш Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Форумда Марказий ва Жанубий Осиё, Европа, МДҲ, Жанубий Кавказ, Осиё-Тинч океани минтақаси, Яқин Шарқ ва Америкадан 150 дан ортиқ сиёсий, ишбилармон ва эксперт доиралари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари иштирок этиши Термиз мулоқотининг Евроосиё маконида ўзаро боғлиқлик, ишонч ва барқарор ривожланишни мустаҳкамлаш бўйича қўшма ёндашувларни ишлаб чиқиш учун кенг халқаро платформа сифатидаги инклюзив ва очиқ хусусиятини тасдиқлайди.

Мулоқот ҳамкорлари ва иштирокчилари орасида БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, БМТнинг Афғонистонга кўмаклашиш миссияси, етакчи “ақл марказлари”, илмий-тадқиқот муассасалари, тинчликпарвар тузилмалар, Сув ресурсларини бошқариш халқаро институти, Прогрессив ислоҳотлар маркази, Конрад Аденауер, Berghof жамғармалари, PeaceNexus, Search for Common Ground, Jorjtaun университетлари ва бошқа ташкилотлар бор.

Форум дастурида “Сиёсий мулоқот ва иқтисодий боғлиқлик – ОҲИЧК минтақасида барқарор ривожланиш асоси” мавзусида юқори даражадаги ялпи мажлис, иқлим ўзгаришига биргаликда мослашиш ва экологик барқарорлик, маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига бағишланган иккита махсус тематик сессия ўтказилиши кўзда тутилган.

Тадбир доирасида минтақавий хавфсизлик, Афғонистон билан ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, Афғонистон–Ўзбекистон–Покистон йўналишида мулоқотни ривожлантириш, транспорт-логистика боғлиқлигини мустаҳкамлаш, минтақавий ишончни шакллантириш ва барқарор ривожланишнинг умумий кун тартибига бағишланган эксперт ва академик муҳокамалар, қўшимча тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Марказий Осиёнинг минтақавий ўзига хослиги масалаларига, шунингдек, тинчликпарварлик ва барқарор ривожланиш соҳасида ёшлар ҳамкорлигини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Форум дастурида сайёр сессияларни ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Мулоқот иштирокчилари Термиз шаҳрига ташриф буюриб, Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий ва логистика соҳасидаги ҳамкорликнинг замонавий инфратузилмаси, жумладан, “Айритом” халқаро савдо маркази ва “Termiz Cargo Center” халқаро логистика хаби фаолияти билан танишиши, қадимий шаҳарнинг бой маданий-тарихий меросини яқиндан кўриши мумкин.

Мулоқотнинг учинчи куни Самарқандда бўлиб ўтади. Унда делегатлар тарихан Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида кўприк бўлиб хизмат қилган Самарқанд Ренессансининг ноёб цивилизациявий мероси билан танишади.

Йиғилиш якунида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, конструктив ҳамкорликни ривожлантириш ва барқарор ўзаро боғлиқликни илгари суришга қаратилган Коммюнике қабул қилиниши режалаштирилган.

 

“Дунё” АА



  ...