Бугунги экологик масалалар глобал тус олаётган шароитда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик барқарор ривожланишни таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Айниқса, иқлим ўзгариши, сув ресурслари танқислиги ва биохилма-хилликнинг қисқариши каби муаммолар трансчегаравий хусусиятга эга бўлиб, уларни самарали ҳал этиш учун халқаро тажриба ва илғор ёндашувлар алмашинуви зарур.
Шу нуқтаи назардан, Чехия ва Ўзбекистон ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Ҳозирги вақтда икки давлат ўртасида мазкур соҳада ҳукуматлараро битим мавжуд эмаслиги ҳамкорликни институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш заруратини кўрсатади. Бунинг учун эса, ўз навбатида, янги ташаббусларни илгари суриш ва мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш зарур.
Чехия экология, сув ресурсларини бошқариш ва иқлим сиёсати соҳаларида катта тажрибага эга мамлакат сифатида эътироф этилади. Хусусан, унинг Эльба, Дунай ва Одер дарёларини муҳофаза қилиш бўйича халқаро комиссиялардаги иштироки трансчегаравий сув ресурсларини бошқаришда самарали моделлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон учун мазкур тажрибани ўрганиш сув танқислиги ва экологик муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, Чехиянинг биохилма-хилликни сақлаш ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш бўйича амалий тажрибаси ҳам диққатга сазовор. Мамлакат ҳудудининг қарийб 15,9 фоизи муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардан иборат бўлиб, уларнинг катта қисми халқаро аҳамиятга эга.
Жумладан, ЮНЕСКО биосфера қўриқхоналари (6 та), Рамсар ҳудудлари (12 та) ва “Bird Life” халқаро ташкилоти томонидан белгиланган муҳим қушлар яшаш ҳудудлари (IBA) (16 та) шулар жумласидандир. Бу эса табиатни муҳофаза қилишда комплекс ёндашув ва халқаро стандартларга мувофиқ бошқарув тизими шаклланганини кўрсатади.
Иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг салбий оқибатларини юмшатиш соҳасида ҳам Чехия тажрибаси алоҳида аҳамиятга эга. 2015 йилда қабул қилинган мослашув стратегияси ва 2017 йилда ишлаб чиқилган миллий ҳаракатлар режаси мамлакатнинг узоқ муддатли экологик барқарорлигини таъминлашга қаратилган. Ўзбекистон учун ҳам ушбу йўналишда илмий асосланган сиёсат ва аниқ амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш муҳим вазифа ҳисобланади.
Экологик ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши – экотуризмни ривожлантиришдир. Чехия бу соҳада халқаро ташкилотлар, жумладан IUCN, WWF ва UNEP билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Экотуризм нафақат табиатни муҳофаза қилиш, балки иқтисодий ривожланиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг самарали воситаси сифатида ҳам хизмат қилади.
Шунингдек, илмий-тадқиқот ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, Ўзбекистонда ташкил этилган “Green University” фаолиятини ривожлантириш мақсадида “Charles University”, “Masaryk University” ва “Czech Technical University in Prague” каби нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш илмий салоҳиятни ошириш ва малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Чехия ва Ўзбекистон ўртасида экологик ҳамкорликни ривожлантириш икки томон учун ҳам манфаатли бўлиб, нафақат миллий, балки минтақавий экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Бу борада ҳуқуқий асосларни шакллантириш, илғор тажрибаларни жорий этиш ва институционал ҳамкорликни чуқурлаштириш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон ва Чехия Республикаси ўртасидаги транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Чехия Республикаси билан ҳамкорликни ривожлантиришни мамлакатнинг халқаро транспорт-логистика интеграциясини мустаҳкамлашнинг стратегик йўналишларидан бири сифатида кўриб чиқмоқда.
Глобал логистика занжирларининг ўзгариши ва Евроосиё транспорт йўлакларининг аҳамияти ортиб бораётган бир шароитда Чехия билан ўзаро ҳамкорлик Марказий Европа бозорларига чиқиш, илғор технологияларни жалб этиш ҳамда барқарор транспорт ечимларини ривожлантириш канали сифатида амалий қиймат касб этмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ҳамкорликнинг мустаҳкам институционал ва шартномавий-ҳуқуқий асоси шакллантирилган. Ҳукуматлараро мулоқотнинг фаоллашуви, жумладан, 2025-йилда Прагада Ҳукуматлараро комиссиянинг 10-йиғилиши ўтказилиши ҳамкорликка янги суръат бағишлаб, қўшма лойиҳаларни муҳокама қилишдан уларни амалиётга татбиқ этиш босқичига ўтиш имконини берди.
Транспорт соҳасидаги масалалар икки томонлама муносабатларда марказий ўринни эгаллайди. Ҳамкорлик автомобиль транспорти, темирйўл соҳаси, фуқаро авиацияси, шунингдек, логистика жараёнларини рақамлаштиришни ўз ичига олади.
Шу билан бирга, ташувларда барқарор ижобий динамика кузатилмоқда: 2026-йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги юк ташиш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 76,6 фоизга ўсган.
Икки томонлама ҳамкорликда темирйўл сектори асосий ўринни эгаллайди. Чехия Бош вазири Андрей Бабишнинг бизнес делегация ҳамроҳлигида Ўзбекистонга кутилaётган ташрифи арафасида Чехия Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Любомир Фреборт “Škoda Group” компанияси билан электропоездлар етказиб бериш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш таклифини илгари сурди. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳаракатдаги таркибни ишлаб чиқариш ва унга сервис хизмати кўрсатиш бўйича қўшма корхона ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда.
Ҳозирги вақтда бутловчи қисмларнинг бир қисмини маҳаллийлаштириш, узоқ муддатли сервис циклини ташкил этиш, инвестицияларни жалб қилиш, янги иш ўринларини яратиш ва маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш, жумладан, “Škoda Academy” лойиҳасини йўлга қўйиш ҳамда Тошкент давлат транспорт университети билан ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
2023-йил 10-май куни Прагада Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Чехия Республикаси Ҳукумати ўртасида Кенгайтирилган ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисидаги Қўшма декларациянинг имзоланиши икки томонлама муносабатлар ривожида муҳим босқич бўлиб, ўзаро ҳамкорликнинг янада тизимли ва узоқ муддатли шаклига ўтишни белгилаб берди.
Мазкур ҳужжат юқори даражадаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаб, мамлакатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликка қўшимча туртки берди. Декларацияда шерикликни кенгайтиришнинг асосий йўналишлари, жумладан, савдо-иқтисодий, сармоявий ва саноат кооперацияси, шунингдек, транспорт-логистика, энергетика, инновациялар, таълим ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик белгиланган.
Транспорт алоқадорлигини ривожлантириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва замонавий технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистоннинг Европа ва Евроосиё транспорт йўлакларига интеграциялашувини чуқурлаштириш учун асос яратади.
Ўзбекистон ва Чехия Республикаси ўртасида транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мамлакат транспорт тизимини ривожлантириш стратегиясини амалга оширишнинг муҳим йўналишидир. Шаклланган шериклик пойдевори, аниқ лойиҳаларнинг мавжудлиги ва томонларнинг ўзаро манфаатдорлиги технологиялар, инфратузилма ва инсон капитали интеграциясидан иборат янги босқичга ўтиш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Келгусида Ўзбекистон ва Чехия Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик қўшма ташаббусларни амалда рўёбга чиқариш ва эришилган келишувлар кўламини кенгайтиришга урғу берган ҳолда ривожланиб боради. Транспорт йўлаклари самарадорлигини ошириш, ташиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва икки томонлама лойиҳаларда бизнес иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Шундай қилиб, инфратузилмавий ривожланиш, технологик модернизация ва кадрлар тайёрлашни ўз ичига олган комплекс ҳамкорлик модели шаклланмоқда. Бу нафақат икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, балки Ўзбекистоннинг халқаро транспорт-логистика тизимидаги ишончли ва рақобатбардош иштирокчи сифатидаги ўрнини оширишга ҳам хизмат қилади.