Ўзбекистоннинг Исроил давлатидаги элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистоннинг “Air Samarkand” хусусий авиакомпанияси ва “Silk Road Samarkand” сайёҳлик мажмуаси Исроилнинг “Asia Travel” сайёҳлик компанияси билан ҳамкорликда 7-8 май кунлари Тел-Авивда бўлиб ўтган 31-Халқаро Ўрта ер денгизи сайёҳлик кўргазмасида (IМТМ 2025) Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини муносиб намойиш этди.
IМТМ (International Mediterranean Tourism Market) - Шарқий Ўрта ер денгизининг энг йирик сайёҳлик тадбири бўлиб, ҳар йили 50 дан ортиқ мамлакатдан 30 000 дан ортиқ иштирокчи ва 2 200 экспонентни тўплайди. Кўргазма сайёҳлик йўналишларини тарғиб қилиш ва янги сайёҳлар оқимини жалб қилиш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилади.
Жорий йилда “IMTM 2025” Исроил Туризм вазирлиги кўмагида ўтказилиб, унда Озарбайжон, Венгрия, Ветнам, Греция, Ҳиндистон, Хитой, Марокаш ва бошқа мамлакатларнинг туризм соҳаси вакиллари иштирок этди.
Кўргазмада Ўзбекистоннинг иштироки мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор архитектураси ва сайёҳлик йўналишларини намойиш этиш имконини берди. Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги янги тўғридан-тўғри авиақатновларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, “Air Samarkand” авиакомпанияси томонидан 4 май куни Самарқанд - Тел-Авив - Самарқанд йўналишида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилгани туризм ривожига қўшимча туртки бўлди.
Ўзбек паловининг тарқатилиши тадбир иштирокчиларида алоҳида завқ уйғотди. Икки кун давомида кўргазмага ташриф буюрувчилар ва иштирокчилар ўзбек ошхонасининг “қироли” бўлган ўзбек таомидан баҳраманд бўлишди. Ташкилотчиларнинг маълумотларига кўра, Ўзбекистон стендига 1 мингдан ортиқ киши, жумладан, Исроилнинг йирик сайёҳлик компаниялари ташриф буюрган.
Ташкилотчилар ва ташриф буюрувчилар “IМТМ 2025” да иштирок этиш Ўзбекистоннинг жозибадор сайёҳлик йўналиши сифатидаги имижини мустаҳкамлаш ва туризм соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим қадам бўлганига ишонч билдирдилар.