Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni
O‘zbekiston Respublikasining Isroil Davlatidagi elchixonasi

Тел-Авив аэропортида "Air Samarkand"нинг биринчи рейси кутиб олинди



2025 йил 4 май куни Самарқанд ва Тель-Авив шаҳарлари ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатновни амалга оширадиган яна бир авиакомпания – “Air Samarkand” ўзининг илк парвозини амалга оширди.

Шу тариқа, “Air Samarkand” Исроилга парвозларни амалга ошираётган тўртинчи ўзбек авиакомпаниясига айланди. Бундан аввал ушбу йўналишда “Uzbekistan Airways”, “Qanot Sharq” ва “Centrum Air” компаниялари фаолият юритар эди.

Тел-Авивдаги “Бен-Гурион” аэропортида ушбу муҳим парвоз муносабати билан тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Исроилдаги “Air Samarkand” авиакомпанияси вакили, шунингдек “Asia Travel” туристик компанияси асосчиси Ниссан Мушаев сўзга чиқди.

У ўз нутқида “Ушбу янги авиақатнов фуқароларга қулайлик яратиш билан бирга, икки мамлакат ўртасидаги турли йўналишлардаги алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади. Самарқанд энди Исроилга янада яқин бўлади”, деб таъкидлади.

Айни пайтда, “Air Samarkand” авиакомпанияси ҳафтада бир марта - ҳар якшанба кунлари ушбу рейсни амалга ошириб боради. Бироқ, мавжуд талаблар сонининг ортиши туфайли, 2025 йил 10 июлдан бошлаб ҳар пайшанба куни қўшимча рейс йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.

Тантанали маросим ва “Air Samarkand” парвозининг амалга оширилиши Исроилнинг қатор оммавий ахборот воситаларида ёритилди. Маҳаллий медиа бу воқеани Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги туризм, иқтисодий ҳамкорлик ва халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдаги навбатдаги муҳим қадам сифатида қайд этди.

 



  ...