Исроилнинг Холон технологиялар институтида (ХИТ) қўшма диплом дастури бўйича таълим олган ўзбек талабалари учун диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Талабалар «амалий математика» ва «компьютер фанлари» йўналишлари бўйича таҳсил олиб, ХИТ ва Ўзбекистоннинг етакчи олийгоҳлари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида академик курсни муваффақиятли якунладилар.
Халқаро таълим ҳамкорлигининг йўналиши бўлган қўшма диплом дастури, талабаларга бир вақтнинг ўзида Исроилнинг ХИТ институти ҳамда ўзлари таҳсил олаётган, яъни Бухоро давлат университети, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетидан диплом олиш имконини беради.
Тантанали маросимда ХИТнинг профессор-ўқитувчилари иштирок этиб, ўзбек талабаларининг юқори даражадаги тайёргарлигини ҳамда уларнинг академик ютуқларга интилишларини таъкидлади. Маросимда онлайн форматда ўзбек олийгоҳларининг раҳбарияти ҳам қатнашиб, бундай муҳим таълим ташаббусида иштирок этиш имконияти учун миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги қўшма диплом дастури икки мамлакат ўртасидаги академик алоқаларни мустаҳкамлашни давом эттирмоқда ва талабалар учун халқаро илмий ва технологик соҳаларда янги имкониятларни очмоқда.